Биз ҳақимизда

separator

“Ishga marhamat” Мономаркази

Бугунги ҳаракат эртанги келажакни белгилайди. Келажакни танлаш эса фақатгина ўзингизга боғлиқ.
Дунёда касб ва ҳунарлар кўп. Бирор бир касбнинг етук мутахассисига айланишни истасангиз кўнглингизга ва қобилиятингизга мосини танланг.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 августда ПҚ №3913-сонли Қарори асосида, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Ishga marhamat” Мономарказида ҳозирги вақтда талаб юқори бўлган 26 та мутахассисликлар ҳамда 5 та хорижий тиллар бўйича соҳа мутахассисларини қисқа давр (1-4 ой) давомида тайёрлаш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошида “Ishga marhamat” Мономарказининг ташкил этилиши 2019 йилнинг энг йирик ташаббуси бўлди. Бугунги кунда ижтимоий ҳаётимизда зарур бўладиган жуда кўплаб касб ва йўналишлар мавжуд бўлиб, буларнинг амалий мисоли сифатида ушбу марказга асос солинди. Мономарказда таълим олган ўқувчилар нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам ишлаш имкониятига эга бўладилар.

Мономарказ Хитой Халқ Республикасининг Няньцзи Политехника институти билан меморандум имзолади, шунингдек, Буюк Британия консуллиги, KOICA Халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик қилиш йўлга қўйилди. Шунингдек, Германиянинг “Viessmann” академияси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ёшлар академияси, “Artel” корхоналар гуруҳи, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳам ҳамкорлик ўрнатишга эришди. Яқин орада бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳам ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.

“Ishga marhamat” Мономарказида қуйидаги аҳолининг банд бўлмаган қатламига ўқув курслари ташкил этилмоқда.

Қурилиш соҳаси бўйича: малакали бўёқчи, ғишт терувчи, сувоқ ишлари устаси, гипсокартон профиллари билан ишлаш устаси, алюминий профиллари билан ишлаш устаси.

Техник соҳа бўйича: кранчи, электр устаси, маиший техника жиҳозларини таъмирлаш устаси, фрезерчи, пайвандловчи, сантехника-гидравлика устаси.

Бундан ташқари, жамиятда аёлларимизнинг бандлигини таъминлаш ташаббусини илгари сурган муҳтарам Президентимиз фикрларининг амалий ижроси сифатида марказ қошида хизмат кўрсатиш соҳалари ҳам ташкиллаштирилди. Унга кўра қандолатчи, бош ошпаз (кейтеринг хизмати билан биргаликда), косметолог, нейл-стилист, батлер-официант, сартарош, уқаловчи, тикувчи, ёш болалар энагаси, кексалар парвариши учун мутахассислар жалб этилди.

Ушбу соҳаларни кенг ўзлаштирган тингловчилар яна 5 та тил бўйича ўқув курсларида таълим олиш имкониятига эгалар. Инглиз тилини ўзлаштирганлар Мономарказнинг ўзида махсус Aptis тестидан ўтадилар. Қолган рус, хитой, корейс ва япон тиллари профессионал мутахассислар томонидан ўқитилади.

Касбга ўқитиш курслари давомида инглиз ва рус тиллари ҳамда тадбиркорлик асосларини ҳам ўқитиш йўлга қўйилди.

Курслар тугагандан сўнг халқаро мақомга эга бўлган WORLDSKILLS сертификати топширилади.

Тадбиркорлик асослари курси – 1 ойга мўлжалланган махсус ўқув курси бўлиб, ушбу курсда аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун уларда ҳуқуқий ва молиявий саводхонликни шакллантириш, бизнес режа тузиш кўникмалари ва маркетинг тушунчаларини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш ва хизматларни тақдим этишда эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳатлар ҳақида батафсил маълумотлар берилади.

Рақамли технологиялар курси: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисидаги ПФ-5953-сон Фармонининг 25-банди асосида: Web дастурлаш – рақамли технологияларнинг (веб-дастурлашнинг): HTML, CSS, CSS3, Bootstrap, Sass, JavaScript, Jquery, PostgreSQL, MongoDB ва
Oracle тиллари ўргатилади. Мехатроника соҳаси – Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ёшлар академияси билан ҳамкорликда ташкил этилиб, ушбу курсда:
робототехника, электроника ва
3D моделлаштириш ўргатилади.
Компьютер саводхонлиги – аҳолининг талаб ва таклифлари асосида ташкил этилди.

Ўқишга интилувчилар учун Мономарказда кенг имкониятлар яратилган: янги бинолар, инновацион хоналар, энг сўнгги техника воситалари, малакали педагоглар доим сизнинг хизматингизда.