Блог

Инновацион таълимдан стратегик бошқарувгача

Мономарказ ташкил этилганидан буён унинг қошида кўплаб тадбирлар, хусусан, конференциялар, тақдимотлар ташкил этиб келинмоқда. Ушбу тақдимот ҳам бундан мустасно эмас. «Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолига бандлик хизматларини кўрсатишни ягона дарча тамойили асосида ташкил этиш ҳамда унинг қулайликлари ва имкониятлари» ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясидан ташриф буюрган тингловчиларга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бошқарма бошлиғи Фазлиддин Мамарасулов батафсил сўзлаб берди. Жумладан, у қонуний ҳужжатлар ва «Ишга марҳамат» Мономаркази фаолияти, йўналиши, иш жараёни ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

Шунингдек, тақдимотда юртимиздаги амалдаги таълим дастурлари ва таълимнинг халқаро стандарт классификатори даражалари, таклиф этилаётган табақалашган профессионал таълим муассасалари тармоғи, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг тақсимоти, халқаро тажриба асосида Ўзбекистонда миллий квалификация тизимини жорий этиш, фаолиятини давом эттириши режалаштирилаётган профессионал таълим муассасалари ва ўқувчилар сони бутун республика кесимида келтириб ўтилди.

Ундан ташқари, мамлакатимиз меҳнат бозори тузилмаси ва касб-ҳунар мактаблари, коллежлар, техникумларнинг мақсадлари, таълим дастурлари, ўқитиш шакллари, молиялаштириш каби мавзуларга қисқача тўхталди. Ушбу тақдимотда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касбга ўқитиш марказларининг фаолияти аниқ сонларда келтирилди. Шундан сўнг ташриф буюрганлар «Ишга марҳамат» Мономаркази ўқув-машғулот хоналарини кўздан кечириб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.