Блог

Ўзбекистон аҳолисининг илмий салоҳиятини ошириш, таълимга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда…

Ўзбекистон аҳолисининг илмий салоҳиятини ошириш, таълимга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Дунёнинг кўпгина мамлакатлари ҳозирги кунда юз бераётган ўзгаришларни кузата туриб, Ўзбекистон қисқа вақт ичида олдингидан ҳам кўпроқ ўзгаришларни амалга ошираётганини ўзгача иштиёқ билан таъкидламоқда. Буюк Британия, Хитой, Корея, Россия ва яна бир қатор мамлакатлар Ўзбекистон билан турли соҳаларда бир қанча меморандумлар, ҳамкорлик ҳужжатлари имзоламоқда. Шу билан бирга таълим соҳаси бундан мустасно эмас. Айнан таълим соҳаси ёрдамида аҳолини иш билан таъминлашга катта ҳиссасини алоҳида таъкидлаш жоиз. Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи «Ишга марҳамат» Мономарказининг фаолияти ҳам келгусида ана шундай режаларда ҳиссаси катта бўлишига шубҳа йўқ. Бугун бунинг исботи сифатида Мономарказнинг биносида ташкил этилган «Uzbek-Chine Professional Training Center» қўшма-корхонасининг симпозиуми ташкил этилганини келтириш мумкин. “Қўлни қўлга бериб буюк келажакни яратамиз” шиори остида ташкил этилган ушбу ўқув маркази симпозиумида Ўзбекистон-Хитой стратегик ҳамкорликнинг ривожланиш босқичлари, тарихи, таълим, иқтисодиёт, ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ва амалга оширилиши режалаштирилаётган бир қатор мавзуларга урғу берилди. Кун мавзусида сўзга чиққанлар нафақат ўз ташкилотлари, балки юқоридаги стратегик ривожланиш таҳлилига ҳам алоҳида эътибор беришди. «Uzbek-Chine Professional Training Center»да режалаштирилаётган ўқув жараёнлари, марказда ташкил этилиши кўзда тутилган йўналишлар, таълимнинг профессионал платформасини яратиш, қуйида ушбу марказда Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигидаги ёқилғини қайта ишлаш, техника соҳаси, ахборот технолгиялари, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича соҳалар ташкил этилиши кўзда тутилди.
Симпозиумда Хитойдан ташриф буюрган ташкилот вакиллари сўзга чиқиб, стратегик ҳамкорликни йўлга қўйишнинг мақсад ва вазифаларини тўлиқ тушунтириб ўтдилар. Нафақат вакиллар, балки Мономарказ директори Нодира Умарова ҳам сўзга чиқиб марказ фаолиятини, олиб борилаётган таълим жараёнлари, қуйида қандай йўналишлар мавжудлиги ҳақида батафсил сўзлаб берди. Сўнгра Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан вакил Касбга қайта ўқитиш ва мувофиқлаштириш шўъбасидан Одил Камилжанов сўзга чиқиб, барча қилинаётган саъй-ҳаракатлар келгусида Ўзбекистон-Хитой ўртасида профессионал таълим соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, шунингдек, бу каби марказларнинг нафақат пойтахтда, балки республикамиз вилоятларида ҳам очилишининг модели сифатида start-up лойиҳаси эканлигини таъкидлади. Сўнг Мономарказ директори Нодира Умарова, «Uzbek-Chine Professional Training Center» директори Муҳаббат Юнусова билан «Пайвандчилик» соҳаси бўйича келишув меморандумини имзолади. «Ишга марҳамат» Мономаркази учун бундай йиғилишлар, симпозиумлар ўтказиш, келишув-меморандумларини имзолаш ҳали давом этади.